Ўзбекистоннинг донғи чиқмаган масканлари: Ҳавоси-ю сувининг шифобахш хусусиятлари
Ўзбекистондаги Чортоқ шаҳарчасида ноёб бальнеология курорти бор. Ундаги сув таркиби машҳур Карловы Вары ва Трускавец курортларидаги сув хусусиятларига жуда яқин. Ўтган асрда бу ерда умумиттифоқ шифохонаси очилган. Хўш, ушбу жойларнинг ноёблиги нимада ва яқин орада Чортоққа боришнинг фойдаси борми?
Сиҳатгоҳ тарихи
Иккинчи жахон урушидан кейин бутун Совет Иттифоқи бўйлаб қудуқларни бурғулаш ишлари олиб борилди, чунки ўша пайт улкан мамлакатда ёқилғи танқис эди. Ўзбекистон ҳам бундан четда қолмади, албатта. Геологлар Чортоқсой дарёси водийсида нефть кони бўлиши мумкинлигини таҳмин қилишди. Шу мақсадда 1946 йилда қидирув бурғулаш ишлари бошланди, лекин нефть ўрнига сув отилиб чиқди.
Шундан кейин қудуқни ёпиб, ишларни ҳам тугатиб юборишди. Маҳаллий аҳоли эса қудуқлардан сизиб чиқаётган жилғаларни тезда жиловлаб олди, чунки Осиёда сув доимо олтинга қиёсланган. Бора-бора сувнинг шифобахш эканлиги аён бўлди. Ушбу овоза халқ орасида жуда тез тарқалганидан, Чортоққа бутун республикадан одамлар оқиб кела бошлади.
1947 йилда Наманган вилояти партия қўмитаси биринчи котиби бўлган Нуритдин Муҳитдиновга ҳам мўъжизавий сув манбаи ҳақида хабар беришди. Геологларнинг таъкидлашича: «Чортоқда 1,5-2 минг метр чуқурликда 40-60 даражали ҳароратдаги иссиқ минерал сув топилган». Бу биринчи рақамли қудуқда эди. Тажриба ишига гувоҳ бўлганлар топилмани Карловы Вары минерал сувлари билан тенглаштиришди.
Чортоқ билан Карловы Вары курортини нақ 5 минг километр масофа ажратиб туради. Агар гап-сўзлар ҳақиқат бўлса, Ўзбекистонда ноёб бальнеология курорти пайдо бўлиши мумкин! Шу ўйлар билан Мухитдинов шов-шув кўтарилган туманга йўл олди. У ерда қудуқдан оқиб чиқаётган сувга чўмилаётган одамларни учратди. Яна бир гуруҳ одамлар ўз навбатини кутиб, шу яқин атрофда ўтирарди. Улар биринчи котиб билан суҳбатда бўлишди ҳамда касалликлардан халос бўлиш учун Ўрта Осиёнинг турли чеккаларидан ташриф буюрганини сўзлаб беришди.
Ушбу манзарадан қаттиқ таъсирланган Мухитдинов Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ўз мутахассисларини юбориб, сувнинг шифобахш хислатларини тадқиқ қилишларини сўради. Сўров ҳам шу заҳоти қондирилди. Бир неча йиллик тадқиқот ишларидан кейин экспертлар ушбу сув наф берадиган касалликлар турини аниқлашди. Шу тариқа Чортоқ санатор-курорт масканининг қурилиш ишлари бошланиб кетди:
- 1949 йилда 1-қудуқ очилган туманда шифобахш ванналарига эга 30 ўринли бальнеология касалхонаси қуриб топширилди.
- 1950 йилда «Чортоқ» курортини ташкил қилишга буйруқ берилди. Вақт ўтиб, бу ердаги ўринлар сони 150 кишига етди.
- 1953 йилда чучук ичимлик сувини чиқариш учун, 507 метр чуқурликда 32-қудуқни бурғулашди. Шу онда Наманган замини одамларга совға ҳадя этди: чучук сув ўрнига қудуқдан енгил минералланган сув оқиб чиқди. Ўз таркиби ва фойдали хусусиятлари бўйича у «Трускавец» курортининг минерал сувига ўхшаб кетарди.
- 1961 йилда бальнеология шифохонаси 300 ўринга мўлжалланган «Чортоқ» курортига айлантирилди.
- 1975 йилда ўринлар сони икки ҳисса кўпайтирилди, сиҳатгоҳ ифратузилмаси кенгайтирилиб, кўрсатиладиган хизматлар ҳажми ошди.
- 980-1995 йиллар даври янада унумдор бўлди: 250 ўринли янги бино, 30 ўринли реабилитация бўлими, янги хизматлар ва ҳ.
- Бугунги кунда «Чортоқ» курорт маскани ҳудуди 1000 ўринга мўлжалланган бир нечта сиҳатгоҳларни ўз ичига олади.
- Курортнинг энг катта ҳудудига эга, энг замонавий қисми бу “Chortok Resorts” санаторийси бўлиб, унда турар-жой мажмуалари, илғор даволаш усуллари, шахсий отхона ва балиқчилик хўжаликлари мавжуд.
Фидоийлик
Олий тоифали шифокор Абдулхай ака Тошбоев 83 ёшда. Ҳозирда у нафақага чиққан, лекин бутун умрини «Чортоқ» сиҳатгоҳига бағишлаган, десак муболаға бўлмайди. Шу атрофнинг ажабтовур воқеалари сингари унинг тиббиёт соҳасига бўлган ҳаётий йўли ҳам нақ афсонага ўхшаб кетади.
Абдулхай ака 4-синфда таҳсил олаётганда, унинг амакиваччаси оғир бетоб бўлиб қолади. Бир куни тонг саҳарда бувиси деразасини тақиллатиб: «Болам, Абдуллажоннинг жони узиляпти. Борақол, у билан хайрлашиб ол», деганини яхши эслайди. Акаси ҳолсиз ётар, на ёруғлик ва на товушларга аҳамият берарди. Тиббиёт ҳамширасини чақиртиришди, лекин Абдулхай ака уни кутмасдан мактабга кетди. Дарслардан кейин яна акасининг олдига келди, не кўз билан кўрсинки, акасининг аҳволи яхшилана бошланган эди. Нима бўлди экан? Тиббиёт ҳамширасининг уколидан кейин амакиваччаси тузалиб кетдимикан. Абдулхай ака тиббиёт ходимасининг нима берганлигини билмасди-ю, лекин ўша дам: «Шифокор бўламан!» - дея қатъий ният қилганини аниқ эслайди. Чунки айнан тиббиёт мўъжиза ярата олди ва унинг акасини ҳаётга қайтарди.
Айнан Абдулхай ака Тошбоев туфайли Чортоқда болалар санаторийси пайдо бўлганини ҳамма ҳам билавермаса керак. 1962 йилда у бош шифокор ўринбосари бўлганидан кейин, ўсмир болалар катталар билан бирга даволанаётганига эътибор берди. Шунда жонкуяр шифокор болалар бўлими зарурияти ҳақидаги масалани ўртага ташлади. Санатор-курорт маскани ҳудудида болалар интернати мавжуд эди, айнан шу бинони қайта шакллантириб, сиҳатгоҳга айлантиришди. Лекин қаҳрамонимиз болалар даволаниб, таҳсил олиш имконига эга бўладиган даволаш-профилактика интернати бўлиши кераклиги ҳақида қатъий туриб олди. Ушбу маскан учун биринчи мижозларни жалб этиш мақсадида, у ҳамкасблари билан мактабма-мактаб юриб, ота-оналар ва болалар ўртасида тарғибот олиб борди. Кўпчилик одамлар «Чортоқ»қа боришни дам олиш саёҳати деб тушунар эди. Лекин бу ердаги қатъий тартиб ва талабларга гувоҳ бўлгач, ажабланарди. Сабаби раҳбарият биринчи ўринга соғломлаштириш ва таълимни қўяр, кейинги ўринларда вақт қолсагина, кўнгилочар машғулотларга рухсат бериларди.
Абдулхай ака Тошбоев санаторийдаги ҳар бир меҳнат йилини эслайди. Бу ерда раҳбарият ўзгарганда, янги бинолар қурилди, илғор даволаш усуллари жорий қилинди. Суҳбатдошимиз беморлари ҳақида гапирар экан, кўз олдимизда ёшара бошлайди. Уларнинг ҳар бирини номи билан хотирлайди, нимага шикоят қилган, қандай даволанган, қандай натижа билан чиқиб кетган, барчасини эслайди
Унинг сўзларида олам-олам меҳр, шифо топган беморлари учун фахр туйғуси мавжуд. Худди уларнинг касаллик устидан ғалабаси – шифокорнинг шахсий муваффақиятидай. Балки чиндан ҳам шундайдир.
Курорт маскани тарихида оғир йиллар ҳам бўлган. 2000-йилларнинг бошида сиҳатгоҳ ҳудудини ҳарбийларни тайёрловчи «сержантлар мактаби»га бериб юбормоқчи бўлишди. Йиллаб йиғилган база, ободонлаштирилган ҳудуд, табиат неъматларига асосланган самарали даволаш усуллари — буларнинг ҳаммаси ёпиқ ҳудуднинг бир қисмига айланиши мумкин эди. Оддий одамлар эса унинг ичига кира олишмасди. Абдулхай ака Тошбоев ҳамкасблари билан бирга санаторийнинг бир қисми учун курашди, масъул ташкилотларга боришни канда қилмади, давлат президенти номига петициялар ёзди. Ахир қанча-қанча инсон бу ерда соғлиғини тиклади, бошқаларни ҳам ана шундай имкониятдан махрум қилиш ҳақиқий жиноят бўларди! Жонсарак шифокор ниҳоят ўз ниятига етди. «Чортоқ» курорти ҳудудида сержантлар мактабини ташкил этиш ҳақидаги қарор бекор қилинди.
"«Инсонларга фойда келтириш — олий бахт», — дейди ўз мотивацияси ҳақида нафақадаги шифокор. Баъзи бир одамлар бир неча ўн йиллаб ишлайди, лекин тарихда из қолдира олмайди. Абдулхай ака Тошбоев илмий ишлар ва мақолалар ёзди, санаторий тарихига оид маълумотлар ва афсоналарни мисқоллаб йиғди, ҳар бир ғалаба учун хурсанд бўлди ва санатор-курорт маскани гуллаб-яшнаши учун куч-қувватини аямади. Кўпчилик шифокорлар бу қадриятларни у билан бўлишди. Балки айнан шунинг учундир бу ерда мутлақо ўзгача муҳит ҳукмрон: яъни табиат бойликлари инсон юрагининг иссиқ тафти билан бирлаша олган.
Курорт марвариди
Чортоқнинг мўътадил иқлими, ҳайратланарли табиати, табиий даволаш усуллари, масканнинг мўъжизавий кучи ҳар йили минглаб одамларни жалб қилади. 2020 йилда бу ерда янги “Chortok Resorts” санаторийси иш бошлайди. Бу янгилик сиҳатгоҳнинг хизмат кўрсатиш, терапия ва профилактика соҳасига ўзгача нафас бағишлаши шубҳасиз.
Кузатув майдончасидан хушманзара водий кўринади. Пастроқда — кўл билан ҳовуз. Уларда балиқ етиштириш реажалаштирилган, ташриф буюрувчилар балиқ ови билан вақтларини мазмунли ўтказишлари учун. Уй ҳайвонлари ишқибозлари отхонага кириб, меҳрибон жониворлар бўлган отлар муҳитидан баҳраманд бўлади. Айтганча, отхона ҳам даволашнинг бир қисми ҳисобланади: “Chortok Resorts”да иппотерапия ривожлантирилади. Отларда сайр қилиш таянч-ҳаракат аппаратининг бир қатор касалликларини даволашда фойдалидир. Санаторийнинг улкан яшил ҳудуди (15 гектардан ортиқ) эса отларни боқишга қулай шароитларни яратади.
Чортоқнинг машҳур анъанавий даво усуллари экологик туризм билан ҳамоҳанг бўлади. Минерал сув асосидаги ванналар йод, радон, бром ва бошқа минерал моддаларга эга.
Ва албатта, бу ернинг ичимлик сувини ичиш терапиянинг бир қисмидир. Таянч-ҳаракат тизими, эндокринология ва дерматология, юрак-қон-томир ва асаб тизими касалликларига чалинган беморлар, гинекологик муаммолари бор аёллар сезиларли натижа кўрадилар. Бу каби даво усуллари тор мутахассислар томонидан тегишли текширувлардан сўнг буюрилади. Агар курорт меҳмонининг соғлиғида жиддий муаммоси бўлмаса, унга зарурий профилактика режимини танлаб беришади. Бундай муолажалардан кейин ҳар бир инсон танасига янги куч кирганини ва руҳи тетиклашганини албатта сезади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида курортдаги қурилиш ишлари билан танишди. Мамлакат раҳбари сувнинг таркиби ва сифатини баҳолаб, даволаш усулларининг аҳамиятини ҳам таъкидлаб ўтди: «Бизнинг ҳудуд учун йод етишмовчилиги долзарб ҳисобланади. Шу маънода йодга бой Чортоқ сувининг аҳамияти катта. Кўпчилик бу жойларни билмайди. Шунинг учун юртимизнинг турли бурчакларидан ташриф буюрувчиларни жалб қилиш керак. Биз учун инсонлар саломатлиги, айниқса болалар соғлиги жуда муҳим».
Энди нима деб ўйлайсиз, Чортоққа келишнинг фойдаси бормикан? Дам олиб, соғломлашишни истовчилар учун шубҳасиз бор! Шунингдек, бу ерга зиёратни севувчилар, экотуризм ихлосмандлари ҳам бемалол ташриф буюришлари мумкин.
Бунинг учун муқаддас қадамжолар етарлича: Балиқ кўлининг шаффоф сувлари, Султон Саиднинг қадимий мақбараси, сирли Қирқ қиз тоғи, Наманган ва Чуст жумбоқлари. Ва албатта, ўзбекона табиатнинг мазали ва соғлиққа фойдали неъматлари. Ишонинг, асло зерикмайсиз, чунки ушбу диёр ажойиб афсоналар ва сеҳрли жойларга макондир.