Чортоқнинг ишлаб чиқариши

Чортоқ мўъжизаси: сув, саломатлик, тараққиёт босқичлари

Чортоқ мўъжизаси: сув, саломатлик, тараққиёт босқичлари

ХХ аср ўрталарида Ўзбекистонда шифобахш хусусиятларига кўра, «Трускавец» курортидаги сувдан қолишмайдиган сув манбаи топилди. Қайта қуриш йилларидан сўнг завод ёпилди ва ишчилар тарқатилди. «Чортоқ» заводининг ундан кейинги тақдири — бизнинг репортажимизда.

Завод тарихи

1953 йилда чучук ичимлик сувини чиқариш мақсадида, 32-рақамли қудуқни бурғулаш ишлари олиб борилди. Кутилмаганда Наманган диёри одамларга ажойиб совға тақдим этди: чучук сув ўрнига қудуқдан енгил минералланган сув оқиб чиқди. Таркиби ва фойдали хусусиятлари бўйича у «Трускавец» курортининг минерал сувига ўхшаб кетарди. Шу жойнинг ўзида сув шиша идишларга қуйилиб, «Наманган» бренди остида сотувга чиқарилди. Кейинчалик шиша идишли сувларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган тўлақонли завод қуришга қарор қилинди.

Семен Безносов

Чортоқ тумани тубжой аҳолиси вакили Бойдод аканинг айтишича, 1974 йилда заводнинг қурилиш ишлари деярли охирига етиб қолганди. Қолаверса, «Чортоқ» санатор-курорт маскани ҳамда минерал сувнинг ажойиб хусусиятлари ҳақидаги овоза бутун Совет иттифоқи бўйлаб тарқалган эди. Йўлланма олишга бўлган навбатни айтмайсизми, бу ерга дам олишга келиш ва даволанишнинг ўзи осон эмас эди. Наманган табиатининг неъматларидан баҳраманд бўлишни истовчилар сони жуда кўп, айниқса, партия тепасидагилар биринчи ўринда туришарди. Шу сабабли минерал сув ишлаб чиқариш заводи қурила бошланди. Бойдод акани ҳам қурилиш ишларига чақиришди, лекин у таклифни рад этиб, уйидан, оиласидан узоққа кетишни истамади.

Шифобахш ошхона суви қудуғи (№32) завод ҳудудидан узоқда бўлгани сабаб, сув цистерналарга қуйиларди. Сўнг цистерналар заводга олиб борилиб, суюқлик аралашмалардан тозалангач, шиша идишларга жойланарди. Чортоқ минерал сувига талаб кўплигидан, ҳар куни заводдан 1 вагон сув, яъни 60 минг шиша олиб чиқиларди. Тайёр маҳсулотнинг ҳаммаси тўғридан-тўғри бошқа республикаларга жўнатилганидан, маҳаллий аҳолига ҳеч вақо қолмасди.

Қайта қуриш йиллари завод ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Аввалига у ёпилди, кейин эса кимдир уни харид қилиб, «Чортоқ арча» номли спиртли ичимликлар саноатини йўлга қўйди. Лекин бу жараён кўпга чўзилмади. Чунки маҳаллий тадбиркорлар «сув иши»ни қайта тиклашга аҳд қилишди ва кичик цех очишди. Афсуски, керакли асбоб-ускуналар йўқ эди: сув қўлбола шаклда бир литрли пластик идишларга қуйилиб, яқин атрофдаги дўконларга тарқатиларди. Табийки, бозор бошқа турдаги сув маҳсулотларига тўла, Чортоқ суви ҳақида деярли унутишганди, янги тадбиркорларга эса реклама учун маблағ етишмасди. Вақт ўтиб, ушбу ташаббус ҳам тўхтади.

2015 йилда бошқа бир маҳаллий тадбиркорлар бу ерда «Chortok Resorts» замонавий санаторийсини қуришга қарор қилишди. Давлат балансидаги ташландиқ бино жойлашган ҳудуд ажратиб олинди. Унинг ўрнида замонавий ишлаб чиқариш мажмуасини қуришни мўлжаллашди. Лекин эски давлат биносини бузиш осон бўлмади. Ёрдам учун антимонополия қўмитасига мурожаат қилишга тўғри келди. Тез орада бинони бузиш ва курорт қурилишини бошлаш ҳақида Президент қарори ҳам чиқди. Бир неча ой ўтиб, Чортоққа Президент аппарати ходимлари қарор ижросини текшириш учун ташриф буюришди. Бойдод ака унга ҳам чанқовбосди маҳаллий сувдан таклиф қилишганини жуда яхши эслайди. Текширувчилардан бири сувни татиб кўриб, шундай деган эди:

— Бу қандай сув?
— Ўзимизнинг Чортоқ суви.
— Ҳазиллашаяпсизми? Бу ахир машҳур Грузия суви-ку!
— Йўқ, маҳаллий сув
— Воажаб! Бу ерда завод ҳам қурасизларми?
— Ростини айтганда, бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрмаган эканмиз. Ахир биз санаторий қуряпмиз.
— Нима қилибди, завод ҳам қуринг. Сувнинг ажойиблигини кўрмайсизми.

Бизнес режаларимизда бўлмаса-да, мана шу таклифга кўниб, сув ишлаб чиқаришни қайта тикладик. 2016 йилда қурилиш ишларини бошлаб, голландиялик инвесторларни жалб қилдик, Жанубия Корея ишлаб чиқариш ускуналарини жойлаштирдик.«Chortoq» заводининг янги тарихида қизиқарли воқеалар кам эмас. Масалан, бир куни бу ерга кореялик экспертлар ташриф буюришди. Уларга «яширин» дегустация таклиф қилинди: ҳар бирига уч хил минерал сув берилиб, энг яхшисини танлаш топширилди. Энг қизиғи, уларнинг барчаси бир овоздан Чортоқ сувини танладилар.

Завод ва унинг жамоаси

Кимдир ишлаб чиқариш жараёни – бу технологиялар, асбоб-ускуналар, ҳом ашё, стандартлар деб ўйлаши мумкин. Лекин «Chortoq» заводида бу жараёнга катта масъулият билан қарашади: ишлаб чиқаришдаги соф озодалик, кўп сонли сертификатлар, тўлиқ сифат назорати, йўлга қўйилган бизнес жараёнлар буларнинг яққол далили. Қолаверса, ходимларга бўлган эътибор ҳам сезилади. Бу ерда шунчаки «қулай шароитлар яратиб» қўйилмаган, балки ҳар бир ишчига нисбатан меҳр ва ҳурмат билан муомала қилинади. Мана шунинг ўзи ишга бўлган масъулиятдан далолат эмасми?!

Равшан

Абдулазизов Равшан 1994 йилда Санкт-Петербург кимё-фармацевтика университетини тамомлаган. Олти йил давомида Coca Cola Uzbekistan корхонасида сифат бўлими бошлиғи бўлиб ишлади. Сўнг Nestle Uzbekistan корхонасидаги худди шу бўлимни бошқарди. Малакали мутахассисни дарров эътиборга олишди ва Nestleнинг Нигерия давлатидаги заводига ишга жўнатишди. Кейинроқ у бир қатор йирик Россия компанияларида сифат назорати жараёнларини йўлга қўйиш бўйича кўмаклашди. 2016 йилда Равшанни «Чортоқ» заводига сифат назорати бўлими бошлиғи лавозимига таклиф этишди. Унинг атиги бир ярим йиллик фаолияти давомида компания озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги менежменти тизимининг FSSC 22000 (Food Safety Management Systems) сертификатига эга бўлди. Таъкидлаш жоиз, бу каби сертификат Ўзбекистоннинг фақат 13 компаниясида мавжуд.


Равшан аввалига меҳмонларнинг оқ халат ва қалпоқчаларни кийиб олишини кутади, ана ундан кейин лабораторияга таклиф қилади. Бу ерда ҳар бир партиянинг минераллар, газлар билан тўйинганлиги, босим даражаси каби кўрсаткичлари текширувдан ўтади. Битта намуна эса «архив»да қолади, мабодо истеъмолчилар ёки сотувчилар худди шу партияга доир эътироз билдирса, намуна архивда сақланади.

Комила

Юзида табассуми ўзига ярашиб турадиган Комила Холбоевани «Chortoq» заводига келган ҳар бир журналист суратга олмай кетмайди. Ҳар бир сув идишини ёруғлик нурида текшириб кўрадиган бу серғайрат қизнинг ёнидан шунчаки ўтиб кета олмайсиз. Камдан-кам ҳолатларда у намуналарни алоҳида қутига ташлайди – улар сувга етарлича тўлмаганлиги учун текширувдан ўтмаган бўлади. Жараёндаги бошқа шиша идишлар ёрлиқ елимловчи аппарат томон ҳаракатланиб боради. Бу ерда сифат назорати ўта қатъий.

Комилахон бошқа кўпгина ходимлар сингари бу ерда ишлаб чиқариш бошлангандан бери фаолият юритади. Унгача бу қиз табибга шогирд тушиб, халқ табобатини ўрганган: доривор ўсимликлар, табиий ресурсларнинг инсон организмига таъсирини таҳлил қилган. «Меҳнатим инсонлар саломатлигини тиклашга ёрдам бераётганидан хурсандман», дейди у.

Акмал ва Мавсума

Ғайбуллаевлар оилавий жуфтлигини заводнинг ҳар бир ишчиси яхши танийди. Танимасликнинг иложи йўқ, чунки улар ошхонада ишлайди. Янги маҳсулотларни харид қилиш, уч хил таомдан иборат тушликни тайёрлаш, балансланган рацион ҳақида қайғуришлари керак — бу эр-хотинларнинг асосий вазифаси.

Бош ошпаз Акмал Ғайбуллаев Олий ҳарбий билим юртини тамомлаган. Лекин 30 йилдан бери пазандалик соҳасида ишлайди. Болалигидан миллий ошхонамизга қизиққан, ўзбек таомлари сирлари билан бирга меҳмондўстлик анъаналарини ҳам яхши ўрганган. Узоқ вақт давомида Акмал Россия давлатида ишлаб юриб, талабгир мутахассис бўлди. Отаси бетоблиги сабаб, 2012 йилда она юрти Чортоққа қайтди. Гоҳ кафеда ишлаб, гоҳ таксичилик қилиб, рўзғор тебратди. Отасининг ўлимидан кейин эса яна Россияга кетишни мўлжаллаб юрганди. Лекин тез орада уни заводга ишга таклиф қилишди. Шу тарзда у заводда қолиб кетди: дўстона жамоа ва муносиб иш ҳақи Акмални Россияга кетишдан қайтарди. Таомларининг сири нимада, деган саволга у уялибгина: «Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки мазали таом ходимларни ишлашга руҳлантиради», деб жавоб беради.

Ишлаб чиқариш ва натижа

Қудуқдан чиқаётган сув ўткирроқ ҳидли ва турли зарраларга эга. Харидорлар сувни бемалол ичишлари учун, уни шунчаки идишларга қуйиб сотиб бўлмайди. Қудуқдан заводгача қувур ётқизилган. Суюқлик катта идишларга тушиб, сўнг кўп даражали тозалаш тизимидан ўтади: чўкиндилар тизими, фаоллаштирилган кўмирдан ўтказилади, йирик, ўрта ва кичик зарралардан уч босқичли тозалаш фильтрлари, ультрабинафша нурлари ёрдамида якуний тозалаш. Охирида карбонат ангидрид гази молекулалари билан бойитилади. Бу каби технология енгил ифор ҳамда минерал сув таъмини қолдириб, керакли элементларни сақлаб қолади. Қуёш нурлари тайёр маҳсулотларга таъсир қилмаслиги учун, сув яшил шишали идишларга қуйилади.

«Chortoq» шиша идишли суви спортчилар орасида ҳам машҳур: у машғулотлардан кейин минерал-туз мувозанатини тез тиклашга ёрдам беради. Шифокорлар уни ошқозон-ичак тракти касалликларини даволаш, қандли диабет профилактикаси, операциядан кейинги тикланиш даврларида буюришади. Шунингдек, ушбу сувни юқори ақлий фаолият билан шуғулланадиган инсонлар ҳам афзал кўришади: сабаби у асабийлик даражасини камайтиради ва муҳим вазифаларга диққатни жамлашга кўмаклашади. Худди шу таъсир жиҳатидан ўқувчиларга ҳам тавсия этилади. Чортоқ суви таркибидаги йод моддаси эндокрин тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Ҳар кунги озиқ-овқат маҳсулотларида ушбу минералнинг камлигини инобатга олсак, «Чортоқ» сувини профилактика мақсадларида ичиш катталар ва болаларга кони фойдадир.