Ўзбекистоннинг донғи чиқмаган масканлари:
Наманган вилоятининг «Кўзгу ортидаги олами»
Ўрта Осиёнинг баъзи туманларида нуронийлар «Сув бўлсин», дея дуо қилишади. Дарҳақиқат, азал-азалдан иссиқ иқлимли ва қўрғоқчил ўлкаларда сув ҳақиқий ҳазина бўлган. Ўзбекистон воҳалари эса мислсиз тарихий сирларни ўзига яширган.
«Балиқли кўл» балиқлар яшайдиган мусаффо маскан. Зилол сувга эга ушбу кўл ҳеч қачон музламайдиган сув манбаидан пайдо бўлган. Унинг сувини бемалол ичиш мумкин. Айтишларича, ҳар жума, жума намози вақтида сувдаги барча йирик балиқлар ғойиб бўлади. Балиқларни нобуд қилиш мумкин эмас — унга қўл кўтарган инсоннинг ўзи ўлим топади, дейишади.
Ушбу кўл Султон Ҳазрати Увайс Қароний зиёратгоҳи мажмуасига киради. Унинг ёнида 1500 нафар одамга мўлжалланган масжид бор. Шунингдек, сўфийлик таълимотида алоҳида ўрин тутган Увайс Қароний қабри ҳам жойлашган. У Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам) билан шахсан учрашмаган тобеинлардан бўлган. Шунга қарамай, улар орасида ғойибона алоқа бўлганлиги таъкидланади. «Дарҳақиқат, тобеинларнинг энг яхшиси Увайс исмли инсон бўлади. У онасига ҳурмат ва тавозе билан муносабатда бўлади. Оллоҳ номи билан қасам ичганда, Оллоҳ албатта унинг қасамини ижобат қилади» (2064 ҳадис).
Увайс Қароний Яманда, Пайғамбар (С.А.В) давридан аввал дунёга келган. У Пайғамбар (С.А.В)нинг туғилиши ва Оллоҳнинг элчиси бўлишини башорат қилган ҳамда ислом дини хабарини эшитган заҳоти уни қабул қилган. Тақводор ва камсуқум Увайс Қароний онасига алоҳида иззат билан муносабатда бўлган. Унинг муҳаббати шунчалик буюк эдики, ҳаттоки волидасига эътибори камайиб қолишидан қўрқиб, ҳеч қайси аёлга уйланмаган.
Кунлардан бир куни Увайс Қароний онасидан дуо олиб, Мадина шаҳрига жўнаб кетади. Онаси унга: «Бор ва Пайғамбар (С.А.В) билан гаплашиб кел. Агар уйда бўлмаса, ортингга қайт», дея тайинлайди. Увайс Пайғамбар (С.А.В) уйига борганида, у зотни топа олмайди. Эшикни очган кичик рафиқаси у зотнинг бир оз муддатга чиқиб кетганликларини айтади. Онасига берган ваъдасини эсдан чиқармаган Увайс Қароний уйига қайтиб кетади. Кечқурун рафиқаси Пайғамбар (С.А.В)ни зиёратчининг ташрифидан хабардор қилади. Увайс Қаронийдек буюк зоҳидни таниган Муҳаммад (С.А.В) рафиқасининг кўзларини ўпишга изн сўрайдилар: «Чунки улар ушбу ажойиб инсонни кўришга муваффақ бўлган эди».
Пайғамбар (С.А.В) ўлимидан олдин ўз ҳирқаларини Увайсга васият қилиб кетганлар. Аммо икки буюк саҳобий Ҳазрати Али ва Умар (Р.А) ушбу ҳирқанинг аслини эмас, айнан нусхасини топширишга аҳд қилишган. Лекин тобеин ундан воз кечган, сабаби буюмдан Пайғамбарнинг ҳиди келмаётган эди. Шунда саҳобалар ҳайратда қолиб, бу инсон Пайғамбар (С.А.В) билан учрашмаган бўлса, қандай қилиб ҳидини билсин, деб ажабланишган. Увайс эса қуйидагича ҳикмат билан жавоб берган:
— Сизнинг Пайғамбаримизга бўлган муҳаббатингиз заиф экан. Оғзингизни очинг.
Улар оғизларини очиб, Увайсга тишларини кўрсатишган. Тобеин ҳам оғзини очган. Не кўз билан кўришсинки, унинг биронта тиши йўқ экан. Увайс бунинг сабабини айтиб берган. Пайғамбар (С.А.В) жанглардан бирида, тишига тош тегиб, унинг бир бўлагини йўқотган дамда, Увайс ҳам оғзида оғриқ ҳис этган экан. Лекин айнан қайси тиши азоб бераётганини тушунмай, барча тишларини суғуриб олган. Бунинг ҳикмати шуки, Пайғамбар (С.А.В)нинг бир дона бўлса ҳам тиши синган пайтда, Увайс бутун тишлари билан яшашга истиҳола қилган. Бу ҳикоят шунчалик саҳобаи киромларни таъсирлантирганидан, Увайсга ҳақиқий ҳирқани совға қилиб юборишган экан.
Увайс Қароний эл орасида ҳурматли инсон бўлгани учун, унинг ҳузурига кўпгина ватандошлари дуосини олиш, ўзларининг ҳаққига дуо қилиши учун келиб турган. Лекин тобеин кўпроқ ибодатда бўлишни афзал билиб, ёлғиз қолишни истаган. Уни машҳурлик, мартаба қизиқтирмагани сабабли, Ўрта Осиёга кетишга аҳд қилган ва у ерга онасини елкаларида кўтариб борган. Афсоналардан бирида айтилишича, ўлимидан бироз олдин ёки ўлимидан кейин Ҳазрати Увайс Қароний шогирдининг олдига келади ҳамда унинг хоки учун еттита давлат кураш олиб бориши ҳақида хабар беради. Ҳеч кимни хафа қилмаслик мақсадида, еттита тобут ясалади — ҳар бир давлат учун биттадан. Ажойиботни қарангки, ҳар бир тобут худди ичида инсон танаси бордек оғирликка эга бўлади. Чопарлар уларнинг ҳар бирида ҳақиқий хок борлигига ишониб, тобутларни ўз юртларига олиб кетишади. Ракка шаҳрида (Сурия)ги мақбаралардан бири террорчилар томонидан беш йил олдин портлатиб юборилган.
Наманган вилоятининг Чортоқ тумани аҳолиси Увайс Қаронийнинг асл қабрини Ўзбекистонда, айнан Балиқ кўлида деб ҳисоблашади. Чунки юрак амрига қулоқ тутган Ҳазрати Увайс дунё ташвишидан воз кечиб, Фарғона водийсига келган ва ўз таълимотини давом эттирган. Ҳаётлик чоғида Увайс онасининг оёқ томонида дафн этилишини васият қилган. Бу мушфиқ онанинг қабри, яъни Биби Наима зиёратгоҳи шу яқиндаги дўнгликлардан бирида жойлашган. Демак, Увайс хоки у васият қилганидай, айнан волидасининг оёқ томонидан қўним топган.
Султон Увайс Қароний масжиди имом хатиби Мавлонов Баходирхон ҳам ушбу фаразни тасдиқлади.
Биби Наима она зиёратгоҳи
Биби Наима Онани дафн қилиш билан боғлиқ яна бир ажойиб афсона мавжуд. Увайс Қароний оламдан ўтган волидаси танасини ювиш учун, яқин атрофда ҳеч қандай сув манбаини топа олмабди. Иложсиз қолганидан Яратганга нола қилибди. Унга жавобан Жаброил алайҳиссалом пайдо бўлиб, ерга бир урган экан, ўша жойда кўл ҳосил бўлибди. Фариштанинг бармоқ излари теккан жойда эса сув чашмалари оқа бошлабди.
data-aos="fade-right"Тубида баҳайбат қўл излари бўлган зилол сувли ҳовуз Биби Наима Она қабри этагини ювиб ўтади. Бу ҳовуз турғун бўлса-да, унинг туби остидаги майда қум зарраларини кўриб беихтиёр хайратланасиз. Соҳилдан уни кузатадиган бўлсангиз, турли жойларида пуфакчаларни ва сув оқимларини кўришингиз мумкин. Худди кўл ўз ҳаёти билан яшаётгандай, унинг остида эса ўзга олам бордай туюлади.
Бу кўлга аёллар кўп келишади: соя-салқинда дам олишади, қалби тубидаги энг эзгу сирларини ибодат орқали баён этиб, ёрдам ва маслаҳат сўрашади, энг муҳими, кўп дардларга даво бўлган сувдан олиб кетишади. Биласизми, бу ерда кўпроқ фарзанд сўрашади ёки фарзандлар дардига шифо. Вақти-вақти билан сувнинг бир қисми сут рангига киради — худди она сути сингари. Сўнг кўз ёшга ўхшаб, яна шаффоф ҳолга қайтади. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Зеро, айнан мана шу масканда она билан фарзанднинг чексиз меҳр-муҳаббати бирлашган, ўғилнинг муқаддас эҳтироми ва мустаҳкам ишонч муштараклиги.
Султон Ҳазрати Увайс Қароний ва Биби Наима Она мақбараси мажмуи дунёнинг турли чеккаларидан зиёратчиларни ўзига жалб этади. Айниқса, сўфийлик тариқати издошлари бу манзилни алоҳида қадрлайдилар, чунки Увайс Қароний ушбу йўналишнинг асосчиларидан бири ҳисобланади. Бир вақтлар аждодлари Яратганнинг марҳаматини тилаб, ибодат қилган жойларга одамлар минглаб чақирим масофа босиб келадилар. Бу ерда ташвишларини сўзлаб, ниятларига ижобат сўрашади. Чин дилдан ибодат қилиб, кўнгилдаги энг маҳфий истакларга йўл излашади. Ушбу мажмуанинг алоҳида диққатга сазовор жойи — бу ноёб сув ресурсларидир. Улардан бири, «Чортоқ» минерал сувидир.
Балки табиат инъоми, балки Яратганнинг инояти билан Чортоқ суви ноёб хусусиятга эга: у чанқовбосди бўлиб, хасталикларга даво, уни ичган одам эса ўзини яхши ҳис этади. Чортоқ туманининг кўп булоқлари мана шундай хусусиятга эга. Балки шунинг учундир, маҳаллий аҳоли ичида узоқ умр кўрувчилар кўп.
Мабодо йўлингиз Фарғона водийсига тушиб қолса, албатта Чортоққа келинг, бу жойларнинг қувватини ҳис этасиз, совуқ сувга юз-қўлларингизни ювасиз, сувнинг таъмини татиб кўриб, Яратгандан ниятингиз ижобатини сўрайсиз. Ахир бу ерда ҳақиқий мўъжизалар рўй беради. Биз эса уларга яна тўхталамиз.