Ўзбекистоннинг донғи чиқмаган масканлари: Қирқ қиз булоғи нега кўз ёш тўкади ёҳуд қирқ нафар қизнинг кўз ёшлари
Хушманзара Ўзбекистоннинг тоғ этакларида, тўғрироғи Чортоқ туманида Гулшан номли кичик қишлоқ бор. Қишлоқнинг чанг йўллари, сомон уйлари, деворлари соя солиб турадиган тор кўчалари илҳомбахш. Ҳар бир девор ортида катта боғлар барпо этилган.
Қишлоқнинг энг баланд нуқтасидан текисликнинг ажиб манзараси намоён бўлади. Дўнглик яқинида кичик чуқур жой бор. Бу ерда бахмалдек майин мох босган ғор ҳосил бўлган. Ғор деворларидан эса ҳар қандай ҳавода сув томчилаб туради. Бу томчилар худди қизларнинг кўз ёшларига ўхшайди.
Афсоналарнинг гувоҳлик беришича, тошлар билан тўсилган ғор деворлари ичида бегона кўзлардан яширинган 40 нафар соҳибжамол қиз ўтиради. Улар подшоҳ ҳарамининг асираларидир. Кўп йиллар илгари қуёшли кунларнинг бирида қизлар булоқ яқинидаги дарахтлар соясида хурсандчилик қилаётган экан. Кутилмаганда осмон қорайиб, ер титроққа тушган ҳамда баҳайбат қора дев ер остидан чиқиб келган. Қизлар эса ғор ичига яширинган. Охирги асира ғорга кириши ҳамон, ер силкиниб ғорнинг оғзи катта-катта тошлар билан тўсилиб қолган. Шу тариқа 40 соҳибжамол қиз умрбод ғор ичида қолиб кетган. Фақат сув томчилари ғор деворларидан сизиб чиқиб туради, улар худди тақдиридан нолиб йиғлаётган қизларнинг кўз ёшларига ўхшайди. Ғор тепасидаги қари жийда дарахтининг яланғоч шохлари ранг-баранг тасмалар билан боғланган. Бу қадимий шарқона урф-одат: одамлар муқаддас дарахт шохларига ният қилиб тасма боғлашади. Улар бу жойнинг сеҳрли кучи орзуларнинг ушалишига ёрдам беришига ишонадилар.
Булоқ ёнидаги тепаликда аҳоли яшайдиган уйлар ҳам бор. Бу ерда бир нечта авлодлар қўним топиб келмоқда: хонадонларнинг бирида буви, унинг келинлари, неваралари ва эваралари бирга кун кечиради. Холбувахон Нурбоева 1942 йилда таваллуд топган. Момонинг 6 нафар фарзанди ва 30дан ортиқ неваралари бор. Эваралари сонини эса эслай олмайди ҳатто.
Холбувахон аянинг айтишича, 40 қиз ҳақидаги афсона тўқиб чиқарилган. Бутун қишлоқда биргина одам, яъни унинг қайнотаси ушбу жойнинг асл сирини билган. Лекин бу ҳақда ҳеч қачон сир бой бермаган. Фақат ғор ичида бақувват куч борлигига доимо ишора қилган. Афсуски, сеҳрли булоқнинг ҳақиқий сирини қайнотаси ўзи билан бирга нариги дунёга олиб кетган. Бир неча йил аввал икки нотаниш инсон бу ердан пул ишламоқчи бўлиб, атрофга супа ва манқалларни жойлаштириб, зиёратчиларга солиқ солишни ҳам ўйлаб қўйишган экан. Уч кун ўтиб эса, барча ёт буюмлар ғойиб бўлган ва «тадбиркорлар» бошқа қорасини ҳам кўрсатмаган. Кейинроқ маҳаллий аҳолининг аниқлашича, бу кимсалар номаълум тери касаллигига чалиниб, ғаразли мақсадлари учун ўз жазоларини олишган экан.
— Фақатгина соф ниятли инсонларнинг тилаклари ижобат бўлади, — дейди ишонч билан Холбувахон ая.— Бу жой чиндан ҳам сеҳрли. Кўп аёллар келиб, Яратгандан фарзанд сўрашади. Қанчалик кучли ва чин дилдан ибодат қилсанг, нолаларинг шунчалик тезроқ етиб боради.
Кўп йиллар илгари унинг Ҳакимжон исмли уч ёшли ўғли Қирқ қиз булоғи олдида ўйнаб юрган экан. Ўша пайт булоқ ёнига Шомурод ва Робияхон исмли эр-хотин яқинлашибди. Улар «Чортоқ» сиҳатгоҳида дам олаётган ота-онасини кўргани келишган экан. Табиийки, зиёратгоҳлар ёш жуфтликнинг диққатини тортган. Робияхон узоқ вақт давомида ҳомиладор бўла олмаган, шунинг учун ҳам Қирқ қиз булоғига келишга аҳд қилган. Ният қилиб туришса, лойга беланган ҳалиги кичкинтойни кўриб қолишган.
-Робия, ахир фарзанд сўраган эдингиз-ку? Қаранг, қандай ширин бола! Келинг, уни олиб қочиб кетамиз,— дея ҳазиллашган Шомурод.
Эр-хотин болакайнинг олдига келиб, уни ювинтириб қўйишган ва қаерда яшашини сўрашган. Ҳакимжон эса қўли билан тепаликдаги уйини кўрсатган. Шу тариқа Холбувахон ая билан ҳам танишиб олишган. Меҳмонларини кузатаётиб, мезбон Яратгандан бу жуфтликни тирноққа зор қилмаслигини сўраб, ортидан дуо қилиб қолган.
Роппа роса уч йил ўтиб, Холбувахон аянинг дарвозаси таққиллаб қолади. Остонада Робия билан Шомурод қўлларида фарзанди билан турар эди. Ўғлига эса Холбувахон аянинг фарзандиникидай, Ҳакимжон деб исм беришибди. Ўзбекистоннинг турли чеккаларида яшовчи бу оилалар кейинчалик қалин дўст бўлиб кетишди. Узоқ Хоразмдан келган Робия ва Шомуродлар ҳар гал Чортоққа келганида, албатта бу хонадонга киришади. Холбувахон ая супа устида ўтириб ҳикоясига гувоҳлик берувчи эски суратларни бизга кўрсатади. Бу расмларга бир неча ўн йиллар бўлган, чунки Ҳакимжоннинг болалари аллақачон улғайиб, ўз оилаларини барпо этишган. Лекин ниятлар ижобати ва дўстлик ҳикояси ҳали ҳам яшамоқда.Оилаларнинг Чортоққа бепуштликни даволаш учун келишлари ҳақида нуронийларимиз, маҳаллий аҳоли ва қолаверса, тиббиёт ходимлари ҳам гапириб беришади. Оддий одамлар эса афсоналару ҳикояларни етказишади. Тиббиёт ходимларининг айтишича, Чортоқ минерал сувининг таркиби туфайли, у инсон организмига яхши таъсир қилади Балки Намангандаги бу кичкинагина қишлоқда ғайритабиий кучлар ва табиатнинг бор мўъжизалари жамлангандир
Бугун ҳам Қирқ қиз булоғи юзлаб йил илгаригидай яшил мох узра кўз ёш тўкади. Ният ва илтижолар қилиб тугунларга боғланган ранг-баранг тасмалар эса шамолда хилпираб турибди. Агар билсангиз, аёллар ҳали ҳам Чортоққа ҳомиладор бўлиб, фарзанд кўриш истагида келишади.
Кейинги тарих