Ўзбекистоннинг донғи чиқмаган масканлари.
Чортоққа соғлиқ излаб келиб, шифо топган беш инсоннинг ҳайратланарли ҳикоялари
Аксарият чет элликлар Ўзбекистонга Буюк Ипак йўли шаҳарларини томоша қилиш, қадимий меъморчилик ёдгорликларидан баҳраманд бўлиш ва лаззатли миллий таомларимиздан татиб кўриш учун келишади. Лекин Ўзбекистонда одамлар даволаниш учун борадиган жойлар ҳам йўқ эмас. Тўғри, улар Карловы Вары ёки Трускавец сингари машҳур бўлмаса-да, лекин даволаш самарадорлиги бўйича улардан ҳеч ҳам қолишмайди.
Ана шундай масканлардан бири — Наманган вилоятининг Чортоқ туманидир. Собиқ Иттифоқ даврида бу ерда машҳур бальнеологик курорт бўлиб. Чортоқ суви фақат юқори мансабли шахслар дастурхонига етказиб бериларди.
«Чортоқ курортининг мўъжизавий минерал суви» китобида шифокорлар сиҳатгоҳда даво топиб кетган турли инсонлар тақдири ҳақида ўз таассуротлари билан бўлишади. Ҳикояларнинг баъзилари мўъжизаларга ва ҳаттоки тўқималарга ўхшайди. Лекин кўпгина тубжой аҳоли вакилларининг таъкидлашича, бир пайтлар сиҳатгоҳда илгаклар илинган стенд бўлганлиги ҳақиқат. Сиҳатгоҳга қўлтиқтаёқ, ҳасса ва ногиронлик аравачаларида келганлар, даволаш масканидан чиқиб кетаётганда, ёрдамчи воситаларини шу ерда қолдириб кетишган. Хайратланарлиси, улар ўз оёқлари ёрдамида юриб чиқишган. Хўш, булар қандай мўъжизавий ҳикоялар бўлди экан?
Севимли касбга қайтиш
Москвалик пианиночи Елизавета Севари шифокорлар томонидан қўйилган деформацияланган полиартрит ташҳисини эшитиб, севимли ишидан воз кечди. Унинг мушаклари деформацияга учраб, ҳар бир ҳаракати оғриқ келтирар эди. Шунинг учун санъаткор камроқ ҳаракат қилишга уринди ва севимли мусиқали асбобини ҳам унутди. Ўша дам ҳаёт тўхтаб қолгандай эди гўё. Лекин «Чортоқ» сиҳатгоҳига олинган йўлланма унинг ҳаётини буткул ўзгартирди: биргина даволаш курсидан кейин у мусиқа оламига қайтди ва қадрдон пианиносини яна эгаллади.
Бахтсиз ҳодисадан кейинги тикланиш
8 ёшли Саша автомобил ҳалокатига учради. Болакай аранг омон қолди, лекин кўкрак ва бел қисмидаги умуртқалари шикастланганди, оёқлари эса ишламай қолди. Организмга путур етиши ва руҳий зўриқиш натижасида, сийдик чиқариш ва ҳожатга чиқиш жараёнлари ўзига бўйсунмай қўйди. Икки йиллик самарасиз даволанишдан кейин болакай ота-онаси билан «Чортоқ» сиҳатгоҳига келди. Олтинчи шифобахш ваннани қабул қилганидан кейин, Саша хожатхонага бориш учун ота-онасидан изн сўради. Қувонч ёшларини яшира олмаган онаси бу ҳақда шифокорга хабар берди.
Даволаниш курслари охирида Сашанинг пешоб чиқариш билан ҳожатга чиқиш фаолияти буткул меъёрга тушди. Шунингдек, ота-онасига суяниб бўлса ҳам юра бошлади. Даволанишнинг иккинчи курсидан кейин Саша соғайиб, мустақил юриб кетди.
Полиомиелит давоси
Пермда туғилиб ўсган Алла мактаб чоғларида полиомиелит касаллигига чалиниб қолди. 15 йил давомида ушбу хасталикдан қийналиб, фақат қўлтиқтаёқ ёрдамида ҳаракатланди. Бир куни Алланинг онаси «Известия» газетасида Чортоқнинг мўъжизавий суви ҳақидаги мақолани ўқиб қолгач, қизини ўша жойга олиб боришга аҳд қилди. Йўлланма топган аёллар Наманган вилоятига келишди. Биринчи курсдан кейин Алла битта қўлтиқтаёқ билан юра олишини ҳис этди. У сиҳатгоҳга кутубхоначи бўлиб ишга кирди, кейинроқ эса даволанишнинг иккинчи босқичидан ҳам ўтди. Шундан кейин Алла қўлтиқтаёқлардан бутунлай воз кечди, чунки энди бу ёрдамчилар унга керак бўлмай қолди.
БЦФ (ДЦП)нинг давоси топилди
Бир куни сиҳатгоҳ остонасига пенсионер Ҳусанхўжа ака болалар церебрал фалажи хасталигидан азият чекаётган ўғлини кўтариб келди. Шукур 14 ёшда бўлса ҳам, анча ёш кўринар ва ўзи мустақил ҳаракатлана олмасди. Юрак-бағри эзилган ота ўғлининг шу ерда соғайиб кетишига умид боғлаб кўз ёш тўкди. Шифокорлар ўсмирни текширувлардан ўтказиб, даво муолажаларини буюришди. Биринчи курсдан кейин Шукур иккита қўлтиқтаёққа суяниб юра бошлади. Бир ярим йил ўтиб эса, курсни яна бир бор такрорлашди. Шукур биргина қўлтиқтаёққа суянадиган бўлди. Учинчи курсдан сўнг йигитча қўлтиқтаёқдан воз кечиб, фақат ҳассага таяниб юрди. Тўртинчи курсдан кейин Шукур ҳассасини сиҳатгоҳ остонасида қолдирганча, бу сеҳрли маскандан ўз оёқларида илдам юриб чиқиб кетди.
Соғайиб кетгач, у этикдўзлик касбини эгаллади ва комбинатга ишга кирди. Йиллар ўтиб Шукур «Чортоқ»да яна пайдо бўлди – фақат бу гал у хаста онасини даволатишга олиб келганди. Шифокорларга миннатдорчилик билдириб, уларнинг меҳнатлари зое кетмаганлигини, оилали бўлиб, фарзанд кўрганини ҳаяжон билан сўзлаб берди. Ахир бу ҳақиқий мўъжиза эмасмиди?!
Оналик бахти
Феруза Губайдуллина Чортоқ туман касалхонасида шифокор акушер-гинеколог бўлиб ишларди. Турмушга чиқди, лекин узоқ вақт давомида ҳомиладор бўла олмади. Тақдир ҳазилини қарангки, кўплаб аёлларга бахт улашиб, чақалоқларнинг туғилишига ёрдам берган шифокорнинг ўзи тирноққа зор эди. Феруза бора-бора тақдирга тан берди ва аёлларга ёрдам беришда давом этаверди. Вақт ўтиб «Чортоқ» сиҳатгоҳига ишга ўтди ва бепуштликдан азият чекаётган аёлларнинг соғайиб кетаётганлигини кўриб, ўзи ҳам дардига даво излашга киришди. Натижа эса узоқ илҳақ қилмади: ниҳоят, у ҳомиладор бўлди ва оналик бахтига эришди ҳамда ширингина қизалоқни дунёга келтирди.
1966 йилда Феруза «Чортоқ» сиҳатгоҳида ўтказиладиган даво муолажалари ҳақидаги номзодлик ишини ҳимоя қилди. Кейинроқ Фарғона водийсининг бошқа сиҳатгоҳига ишга ўтди ва 1974 йилда икки сиҳатгоҳдаги қиёсий даво усуллари ҳақида докторлик ишини ҳимоя қилди.
Чортоқ тарихида ана шундай мўъжиза туфайли соғайиб кетганларнинг минглаб воқеалари ва минглаб миннатдорчилик хатлари мавжуд. «Табиат — энг яхши табиб», — дейишади санатор-курорт мажмуасининг шифокорлари. Бу ерда табиий воситалар ёрдамида даволашади, минерал ванна сингари муолажаларни шифобахш ичимлик сувлари билан ҳамоҳанг равишда олиб боришади «Сув бўлсин», — дейишади маҳаллий аҳоли вакиллари. Чунки Чортоқ суви чиндан ҳам обиҳаёт ва саломатлик манбаидир.